+99871 267-41-94

Vinaora Nivo Slider 3.xVinaora Nivo Slider 3.x

Маҳсулотлар

Маслаҳатчи

 +99894 607-37-76

Мева-сабзавот етиштириш кўпаймоқда

Ғиждувон туманида Бухоро ва Навоий вилоятлари кўп тармоқли фермер хўжаликлари ва қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари иштирокида “Ўзбекистон фермерлари – дунё эътирофида” мавзусида амалий семинар ўтказилди. 


Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини иқтисодий рентабелли тармоққа айлантириш, ҳосилдорликни ошириш, аҳолининг мева-сабзавот, узум, полиз ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 

– Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлайдиган хусусий мулк шаклидаги корхоналар, идоравий мансублигидан қатъи назар, 2019 йилнинг 1 январигача замонавий ускуна ва технологиялар олиб киришда божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Илҳом Носиров. – Шунингдек, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига кирадиган қайта ишлаш корхоналари (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ, давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмаларни тўламайди. 

Семинарда мева-сабзавотчилик ва бошқа тармоқларни ривожлантириш борасидаги вазифаларга эътибор қаратилди. Ўтган йили Бухоро вилоятида ана шу йўналишда 1 минг 300 дан ортиқ фермер хўжалиги ташкил этилиб, кўп тармоқли субъектлар сони ошди. Улар жорий йилда 287,2 минг тонна картошка ва сабзавот, 6 минг 100 тонна полиз маҳсулотлари, 28,5 минг тонна узум, 1,3 минг тонна мева етиштириш бўйича тегишли шартномалар тузган. 

Бугунги кунда вилоятда 7700 тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 33,1 минг тонна узумни қайта ишлаш қувватига эга 16 корхона фаолият юритмоқда. Бу қувватларни ошириш мақсадида 2016-2020 йилларда 13 шундай лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. 

Бухоро туманидаги “Гала-Ривер” қўшма корхонаси вилоятда узумни қайта ишлашга ихтисослашган йирик субъектлардан. 

– Узум етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари билан ҳамкорликда ишлаётганимиз хомашё таъминотининг барқарор бўлишига хизмат қилмоқда, – дейди корхона директори Ҳайит Шеров. – Бу эса лойиҳа қувватидан самарали фойдаланиш имконини бераётир. Маҳсулотимиз хориж бозорида жуда харидоргир. Ўтган йили чет элга 1,2 миллион долларлик узум шинниси экспорт қилган бўлсак, жорий йилги шартномаларга кўра, бу кўрсаткич 1,5 миллион долларга етказилади. Кейинги 5 ойда 900 минг доллар қийматидаги маҳсулот экспорти амалга оширилгани натижа янада яхши бўлишидан дарак бермоқда. Шунингдек, жорий йилда корхонани модернизация қилишни режалаштирганмиз. Замонавий ускуна ва технологияларни киритишда божхона тўловлари бўйича белгиланган имтиёз бу борада жуда қўл келади. 

Тадбирда қайта ишлаш корхоналарини хомашё ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари билан тўлдириш, ташқи бозорга ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми ва турини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.